Сайтга кириш

лучший сайт где можно скачать шаблоны для dle 11.2 бесплатно

Хуш келибсиз!

Биз билан боғланиш

  • 0 375 227-58-30 (факс)
  • libkarshi@infolib.uz
  • Қарши ш. Мустақиллик - 21
» » Китоб мутолааси

Китоб мутолааси

admin-libkarshi-nasafiy.uz 16-03-2018, 07:46 474 Янгиликлар

Китоб мутолааси муаммо ва ечимлар 

        Қайси касб эгаси бўлишимиздан қатъий назар ҳар биримиз китоб билан муайян  даражада мулоқотда бўламиз. Аммо қандай китоб ўқиш, унинг таъсири ва  оқибатлари, умуман, нега китоб ўқиймиз, шулар ҳақида барчамиз ҳам  чуқурроқ ўйлаб кўрмаймиз.  
        Китоб нафақат зиё масканларини ёритувчи нур, балки инсонларни камолот сари  етакловчи муҳим маънавий хазина ҳамдир. Китоб инсонга маънавий озуқа  берибгина қолмай, унинг тафаккурини теранлаштириб, соғлом мулоҳаза  юритишга ўргатади, келажакка аниқ мақсадлар билан одимлашда мустаҳкам  пиллапоя вазифасини бажаради. Шу боисдан у инсоннинг энг яқин дўсти  ҳисобланади. 

        Ҳар доим киши кўзини қувонтирадиган бир манзара бор. Бу китоб ўқиётган  инсон қиёфасидир. Эътибор берганмисиз, мутолаа қилаётган одам чеҳрасида  ҳамиша ҳаловат ва айни пайтда билимга ташналик зуҳур бўлади. Китоб  сеҳрига берилган одам атроф-борлиқни унутади, майда-чуйда ташвишлар бир  четда қолади. Зеро, бу пайтда энг содиқ дўсти – китоб билан  суҳбатлашаётган бўлади. Айниқса, мағзи тўқ, юксак савияли, мазмунан  пухта ва чиройли безатилган китоб ҳар қандай одамни ўзига тортади. 
        XXI асрда ахборот технологиялари шиддатли тарзда тараққий этди. Натижада энди  бировнинг китоб мутолаа қилиши амримаҳол, деган қарашлар пайдо бўлди. Бу ҳолат кўпчилик адабиёт ихлосмандлари ва забардаст адабиётшуносларни ҳам ўйлантириб қўйди. Узоқ баҳс-мунозаралардан сўнг эса кенг жамоатчилик  “Ҳар қандай ақлни шоширадиган кашфиёт китоб мутолаасига тўсқинлик  қилолмайди, аксинча ўзгаришларнинг сир-синоатини англашда китоб  асқотади”, деган қатъий қарорга келди. 
        Мутолаанинг нозик жиҳати шундаки, дунёдаги мавжуд китобларнинг ҳаммасини ўқиб  бўлмайди. Бунинг имкони йўқ, қолаверса, умр ҳам етмайди. Афсуски,  кўпчилик китоб ўқишни билмайди ва нимани ўқиётганини тузукроқ тушуниб  ҳам етмайди. Баъзи бировлар учун эса ўқиш бу – дам олиш, шунчаки вақтни  ўтказиш ва уларга нимани (мақола, роман, шеър, хабар ва ҳоказо) ўқиш  барибир, зерикарли бўлмаса бас. 
        Демак, китоб ўқилишининг ўзи китобхонлик масаласини ижобий баҳолаш учун етарли эмас. Бунда китобхоннинг диди алоҳида аҳамиятга молик. 
        - Инсоннинг шахсий кутубхонасидан қандай китоблар ўрин эгаллаганига қараб ҳам кишининг маънавий даражасини аниқлаш мумкин, - дейди таниқли ёзувчи ва таржимон Неъмат Арслонов. – Шахсий кутубхона китоб жавонлари эмас,  шахсий компьютер хотирасидан жой олишга ҳам қаршилигимиз йўқ. Аммо бу  ҳолда айрим жиҳатларга алоҳида тўхталишга тўғри келади. Аввало, турли  веб-сайт, портал ва бошқа интернет ресурсларда ташкил қилинаётган  электрон кутубхоналарда қандай адабиётлар жамланганига эътибор қаратсак. 
        Миллий Интернет маконида электрон кутубхоналар ҳозир кўпайган. Айнан ўзбек тилидаги  адабиётларни таклиф қилувчилари ҳам етарли.Лекин, бадиий ва  маънавий-тарбиявий аҳамиятга эга асарларни эса, асосан, китоб шаклида  мутолаа қилган маъқул. Чунки экранда ўқилаётган асар инсон  ҳис-туйғулари, хаёлот дунёсига тўлиқ таъсир қилолмайди. Айниқса, бадиий  асар мутолаа қилинаётганда бу яққолроқ сезилади. Эътибор берсангиз,  компьютер, хусусан, интернет фойдаланувчиларига экран, асосан, керакли  маълумотларни ўқиш учун хизмат қилади. Китоб мутолааси эса диққатни  жамлаб, саҳифаларни узлуксиз равишда бирма-бир ўқиб чиқишини назарда  тутади. Бундай кўникма аксариятимизда одатий китоб мутолааси асносида  шаклланган. 
        Ёшларнинг кўпчилиги китоб ўқишга қизиқмаётганлиги, умуман, катталарнинг ҳам  мутолаадан узоқлашиб бораётганлиги ҳақида кўпдан буён гапирилади. Ўша  “Китобга қизиқмай қўйган” болалар ҳам, ўқишга, илм ўрганишга  қизиқаётганлари хам вояга етишаяпти. Ўз олдига аниқ мақсад қўйиб,  келажакка дадил интилаётган, билим ва касб-ҳунар эгаллаб, ўз қобилияти  ва иқтидорини намаён этаётган ёшларни кўрганда беихтиёр ҳавасимиз  ортади. Улар алохида эътирофга лойиқ ютуқларни қўлга киритишаяпти. Тайёр мутахассис бўлдим, деб корхона ва ташкилотлар эшигини тақиллатиб  келаётган йигит-қизлар билан сухбатлашсангиз замонавий билимларни  эгаллаганликларини ҳис этиб кўнглингиз тўлади.  
         Бироқ бадиий асарлар мутолааси мавзусида гап очсангиз, кўпчилиги каловланиб  қолади. Шунда студентлик давримдаги бир зиёли инсоннинг сухбати ёдимга  тушади. У  киши олийгоҳдаги ўқитган бир домласини (охиратлари обод  бўлсин деб ) эсларкан, у киши   биринчи дарсга кирганларидаёқ  талабаларнинг “зачёт”гача ўқишлари лозим бўлган адабиётларни  ёздирганлигини ва “Шу бадиий асарлардан бирини исталган жойидан  сўрайман, шунга тайёр бўлсаларинг келинглар, бўлмаса мендан баҳо оламан, деб юрманглар”, деганларини хотирлаган эди.Домла ёздирган  рўйхатда эса юздан ортиқ жаҳон ва ўзбек адабиёти классикларининг асарлари  тиркалганлиги хам  хотирасидаэкан. 
         Ўша асарларни қунт билан ўқиганларини ва ғалвир сувдан кўтарилганда  гуруҳдан 26 нафар талабадан биринчи куни уч нафаригина имтиҳонни  муваффақиятли топширганлигини  эслаган.Домлани хотирлаш бараварида, у  кишининг қизиқтириши сабаб Ж.Лондоннинг “Мартин Иден”, Л.Н.Толстойнинг  “Анна Каренина”, “Уруш ва тинчлик”, Э. Хемингуэйнинг “Чол ва денгиз”,  Р.Н.Гунтекиннинг “Чолиқуши”, Ч. Айтматовнинг “Жамила”, “Алвидо,  Гулсари”, А.Қодирийнинг “Ўтган кунлар”, П.Қодировнинг “Уч илдиз”  асарларини қайта-қайта ўқиб чиққанлигини тан  олган. 
        “Икки  қизим  ва бир ўғлим институтда ўқиди. Мактаб ёки лицей ўқитувчиси уларга фалон  асарни ўқинглар дегандагина улар бадиий китоб ўқиганлар, ўзлари интилиб, қидириб топиб бирон бир асарни ўқиганларини эслолмайман” дейди бир  журналист танишим. 
        Бугунги ёшларнинг кўпчилиги бадиий китоб ўқишга ҳафсала қилмаётганлиги бор гап. Савияси паст қўшиқ ва кинофильмлар кўпайиб кетганлиги сингари бадиий  савияси паст асарлар хам ёмғирдан кейинги қўзиқоринлар сингари китоб  дўконлари пештахталарини эгаллаб ётибди. Чунки нашриётларга пул  берсангиз истаган китобни чиқараяпти бу тижорат дейиляпти.Бу эса  одамларнинг дидини ўтмаслаштираяпти. Шунингдек, китоб дўконларида ошкора беҳаёликни тарғиб қиладиган, очиқча муштумзўрликдан баҳс этадиган  китоблар ҳам тўлиб-тошиб ётибди.Уларни хонадонда ўқиш у ёқда турсин,  олиб келган гуноҳга ботади. Китоб дейишга ҳам тил бормайдиган бундай  нарсалар қаёқлардандир тобора кўпроқ оқиб келяпти. Минглаб нусхаларда  кўпайтирилиб, ҳали ўзини англамаган, яхши-ёмоннинг фарқига етмаган,  балоғат бекатидан ҳатламаган ёшлар қўлига тушиб қолаяпти. 
        Француз ёзувчиси Маркес де Саднинг “Фоҳишахонадаги фалсафа” номли асаридан “Биз катта урушлар қилиб дунёга эгалик қилишимиз шарт эмас. Француз  аскарларининг ўликлари бегона юртларда чириб ётмасин. Улар (Француз  мустамлакасига айлантиришни кўзлаган мамлакатлар. Таъкид муаллифники.)ни бўйсундириш учун меникига ўхшаган аҳлоқсиз китоблар тарқатиб, қалбини  эгалланглар. Шунда улар ўз-ўзидан бизга бўйсунади”, дейилади. Ҳа,  мамлакатимизга ошкора беҳаёликни тарғиб қилувчи китобларнинг кириб  келишидан кўзланган мақсад ёшларимизнинг қалбини ва онгини эгаллашдир. 
        Бундай маънавий хуружлардан, оммавий маданият ниқоби остида кириб келаётган  турли иллатлар таъсиридан қандай ҳимояланиш мумкин? Бундай балолардан  бизни китоблар, шу пайтгача ёзилган ва ёзилаётган яхши асарлар ҳимоя  қила олади. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ўзининг “Юксак  маънавият-енгилмас куч” асарида таъкидлаганидек, бугун “Фикрга қарши -  фикр, ғояга қарши - ғоя, жаҳолатга қарши - маърифат билан курашиш ҳар  қачонгидан кўра муҳим аҳамият касб этади”. Яъни  сохта китобни асл китоб маҳв этади. Уйдирма сўзни ҳақиқат енгади, беҳаёликдан эса маърифат,  маънавий гўзаллик ва умуминсоний қадриятларни тарғиб этувчи асарлар  қайтаради. Китоб кўринишидаги балога тўсиқ ҳам, охирги ғов ҳам китоб,  яъни асл китоб! 
        Бадан ювилмаса кирланганидек, қалбимиз ҳам мунтазам покланишга муштоқ. Бу эса Ҳазрат Навоий ва бошқа мутафаккирлар асарларини ўқиган ва уққанда  амалга ошади. Навоийнинг буюк мероси ҳар бир оила маънавиятида,  фарзандлар тарбиясида, миллий салоҳиятида катта аҳамият касб этади. 
        Бир ибратомуз ривоятда айтилишича, донишманд Суқрот очиқ майдонда  шогирдларига дарс ўтаётганида ногаҳон кўҳликкина бир жувон унга гап  отибди: 
  • Ҳой, Суқрот, бу боёқишларни бунча қийнаб, миясига нималарни қуяяпсан,  ҳозироқ вайсашни тўхтат. Йўқса, бир жилмаяман, уларнинг ҳаммаси сени  ташлаб ортимдан эргашади. 
Шунда Суқрот дебди: 
     - Тўғри айтасан. Сен бир кўз сузсанг, бас, шогирдларим ёнингда  парвона бўлишади. Чунки сен уларни тубанликка етаклайсан. Пастга кетиш  доимо осон. Мен эса уларни юксакликка чорлайман. Юқорига чиқиш ҳамиша  қийин. 
Ушбу ривоятни ўқиганимдан кейингина Навоий биздан нима учун “узоқлашиб”  бораётганини англагандекман. Биз енгил-елпи “адабиётлар” таъсирида  бадиий дидимиз қуйига қараб кетаётганини сезмай ҳам қолаяпмиз,  назаримда. 
Бола қалби сахий тупроқ. Унга ҳар қандай уруғ албатта, униб чиқиб, мева  беради. Бугун ёшлар юрагига Навоий асарларидаги олижаноб туйғулар,  инсонпарварлик ғоялари кириб бормайдиган бўлса, уларнинг ўрнини юқорида  таъкидлаганимиздек, хориждан кириб келаётган турли хил ахлоқсиз ғояларни тарғиб қилувчи “асарлар” эгаллаб олиши қийин кечмайди. 
    -Бизда илгари давра бўлиб китоб ўқиш, тонготар ўтириб достонлар  тинглаш анъанаси бўлган – дейди таниқли журналист Мақсуд Ҳамроев. –  Даврлар ўзгариши билан бу анъана деярли унутилди. Кимдир бугун ҳамма  саводхон, хоҳласа истаган китобини олиб ўзи ҳам ўқийверарди-да, дейиши  мумкин. Бироқ давра бўлиб китобхонлик қилишда, бедилхонлик,  навоийхонликларда вақтни мазмунли ва фойдали ўтказишдан ташқари у ёки бу асарни теран тушуниш, маънавиятни бойитиш, адаб ўрганиш кўзда  тутиларди. Яна бир гап. Агар уйга китоб олиб келинса, оилада китоб  ўқилса, бу анъана фарзандлар томонидан албатта давом эттирилади.  Қолаверса, ғоявий-бадиий юксак бир асарни оилавий бўлиб ўқиш ва  тинглашнинг ҳам аҳамияти жуда катта, деб ўйлайман. Киши болаликдан китоб ўқишни одат қилмас экан, кейин ҳам китобга қизиқиши қийин. Илгари бирор олий ўқув юртига борсангиз ўриндиқларда китоб ўқиб ўтирган, бирор янги  роман ёки қисса юзасидан суҳбатлашаётган ёшларга кўзингиз тушарди. Ҳозир эса манзара бошқача. Ҳамманинг қўлида телефон. Нималарнидир томоша  қилишади, бемаъни тасвирлару қўшиқларни бир-бирларининг телефонига  ўтказиш, шунга ўхшаш мавзуда баҳслашишдан бўшамайдилар. Ачинарли яна бир жиҳат шуки, кейинги йилларда аксарият ёшлар бирор-бир бадиий асарнинг  ўзини эмас, у ҳақидаги маълумотнигина ўқиш билан чекланиб қолишмоқда. Бу маълумотларни ҳам ўқишга кириш, тест саволларига жавоб бериш яъни юқори балл тўплашга зарурлиги учунгина ўқишаяпти. Бу ишга бепарволик билан  ёндошиб ҳар кимнинг ихтиёру истагига қолдириш эса ёшлар тарбияси ва  демак бутун миллат ривожига қўл силтаб қўявериш билан баробар. 
       Бир сухбатда  зиёли  аёл  ўғлинингэркатойлигиданфахрлангандек,”Кеча  ўғлимга  мана бу  китоб2  минг сўм турар экан,ўқиб  чиксанг санга 2 минг сўм бераман  десам,  Ая, 200сўм  бериб  қўяверинг барибирўқимайман,  компьютергабораман”  деди  дебгапирди.Ўтирганлар  бир   бирларига  маъноли қарабқўйишди, холос. 
     Бугун ёшларнинг китоб ўқимаётганини замона зайлига, уларнинг Интернет билан  ошно эканлигига йўйишади. Аммо Интернет кишини мутолаадан айирувчи  восита эмас. Бу улар учун имкониятлар янада кенгайганлигидан далолат.  Бироқ аксарият ёшлар эса компьютер олдида деярли фойдасиз машғулотлар  билан банд бўлиб, китоб мутолаасини унутиб қўйишмоқда. 
       Бунинг сабаби нимада? Сабаби шундаки, ўқитувчилар мактаб ўқувчиларини  музейлар, истироҳат боғлари ва тарихий шаҳарларга экскурсияга олиб  боришлари анъана тусига кирган. Лекин афсуски, ҳали бирор марта уларни  кутубхонага ёки дўконларига олиб боришганини эшитмаганман. Холбуки,  ўқувчиларни ушбу масканлар билан ошно этиш, уларнинг китобхонлик  даражасини назорат қилиб бориш, китоб мутолааси билан боғлиқ турли  тадбирлар ўтказиш, ҳар бир ўқувчининг шахсий кутубхонасини яратишга  эришиш таълим муассасаларининг биринчи галдаги вазифаси бўлиши керак. 
       Китоб мутолаасига ёшлар эътибори сустлигининг яна бир сабаби бизда китоблар  тарғиботи етарли эмас, десак муболаға бўлмайди. Масалан, кўпгина  касалликларга қандай дорилар даво эканлиги, дўконларга қандай турдаги  ширинлик чиқаётганлигини, телефонларнинг янги тарифларини ҳаммамиз айта  оламиз. Лекин кандай янги  китоблар чиққанлигшини сўраб  қолишса,  кўпчилигимиз мум тишлаб қолишимиз турган гап . Чунки асарлар тарғиботи,  китоб рекламаси йуқ. 
     Ҳозир дунё тажрибасида мутолаага ўргатишнинг янгича йуналиши мавжуд . Масалан, Финляндия ёки баъзи Европа мамлакатлари мактабларида бошланғич синфдан юқори синфларгача махсус мутолаа курслари ўқитилар  экан.Ўқувчилар бу курсларда китоб ўқиш  санъатини эгалайдилар. Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, мутолаа хам , мутолаага ўргатиш ҳам ўзига хос  санъат.Агар болага китоб ўқиш услубларини ўргатмас эканмиз, у мутолаа  санъатини ўзлаштира олмайди.Оқибатда уқиган нарсасини тушунмаганидан  кейин болада китобга нисбатан ўз-ўзидан қизиқиш сусаяди. 
       Китоблар  инсонни хаётга йуллагандагина , унга хизмат килгандагина фойдалидир. Агар китоб ўқувчига озбўлса-да , куч –ғайрат, шижоат, маънавий поклик бахш этмаса, мутолаа учун сарф этилган хар бир соат беҳуда ва бесамар бўлиб  қолаверади.Агар хар бир ўкилган китоб маънавий завқ , маърифий сабоқ,  шижоат ҳамда руҳий тазарру олиб келмаса, жахон адабиётини тарихини  билишдан маъно йуқ.Фикр-мулохаза қилмасдан ўқиш –хуш манзара  табиат  қўйнида кўзни боғлаб юришдай гап . Биз ўзимизни ватурмушимизни  унитиш учун эмас балки, хаёт жиловини онглироқ , мустаҳкамроқ тутиш учун ўқишимиз керак . 
       Муҳтарам Ш.Мирзиёев Ўзбекистоннинг биринчи Президенти  И.Каримов  ғояларини изчил давом эттирган ҳолда  ўзининг сайлов олди  дастурларида аҳолининг айниқса ёшларнинг китоб ўқиш,мутолаа маданиятини  оширишга алоҳида эътибор қаратдилар,демак бу бизнинг эндиликда амалга  оширадиган ишларимизга дастурул амал бўлиб хизмат қилади. 
       Фаранг олими Эдуард Лабуле “Тараққиётнинг умумий кўламида ҳар бир  миллатнинг  ўрни ўша миллат ўқиётган китобларнинг сони билан белгиланади”, деса,  Дени Дидро “Одамлар китоб ўқишдан тўхтасалар, фикрлашдан ҳам  тўхтайдилар”. дея қайд этган. Шундай экан, китоб ўқишдан, ўқиганда ҳам  уни тушуниб, мағзини чақиб ва лаззат олиб ўқишдан тўхтамайлик, азизлар!  
скачать dle 12.1

Ўхшаш янгиликлар

  • Китобхон раҳбар
  • Биз ҳаммамиз китобхонмиз
  • Баҳоуддин Нақшбанд
  • Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний
  • Китобхон келин-куёв

  • Изоҳ қолдириш

    Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив